"O‘ZBEK GEOLOGIYA QIDIRUV" AJ
  1. Асосий
  2. Матбуот маркази
  3. Раҳбариятнинг чиқиш ва баёнотлари

Раҳбариятнинг чиқиш ва баёнотлари

Геология – миллий иқтисодиётнинг асосий пойдевори
Геология-қидирув ишлари натижасида минерал-хомашёси бой мамлакатларнинг иқтисодий-ижтимоий ривожланиш кўрсаткичлари юқори бўлганлиги тарихдан маълум. Бу борада Ўзбекистон ҳам ер ости табиий бойликларига бой давлатлардан бири ҳисобланади. Унинг заминида саноат ва инвестициялар ўсиши учун асос яратувчи олтин, уран, мис, камёб ер металлари ва бошқа стратегик захиралар мавжуд. Соҳанинг алоҳида аҳамиятини инобатга олган ҳолда, 2021 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан «Ўзбек геология қидирув» акциядорлик жамияти ташкил этилиб, унинг зиммасига геология-қидирув ишларини модернизация қилиш ва ривожлантириш вазифаси юклатилди.Бугун барқарор тараққиёт, «яшил» энергетика ва стратегик хомашё турларига жаҳон ҳамжамиятининг қизиқиши ортиб бораётган бир пайтда геология-қидирув ишларининг аҳамияти миллий иқтисодиёт дои­расидан чиқиб, халқаро драйвер соҳага айланмоқда.   Сўнгги йиллардаги ислоҳотлар натижасида юртимиз ҳар томонлама ўсиш ва ривожланишда дадил қа­дамлар қўйиб бормоқда. Албатта, бу ўзгаришлар давлатимиз раҳ­бари томонидан олиб борилаётган одилона сиёсат натижасидир. Бугунги кунда барча тармоқлар каби геология соҳасини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкам­ланди. Геология соҳаси корхоналарини илғор халқаро тажриба асосида трансформация қилиш орқали уларда самарали бошқарув тизимини жорий этиш, фойдали қазилма­ларнинг янги конларини очишга йўналтирилган гео­логия-қидирув ишлари таннархини пасайтириш, конларни саноатда ўзлаштириш учун тўғридан-тўғри хорижий инвести­циялар оқимини кўпайтириш мақсадида 2021 йил «Марказий лаборатория» ДУК, «Самарқанд­геология» АЖ, «Сурхонгеология» АЖ, «Тошкентгеология» АЖ, «Қизил­қумгеология» АЖ, «Гео­буртехника» ДУК ва «Ҳисор­геология» АЖларни қўшиб юбориш орқали улар негизида «Ўзбек геология қидирув» АЖ ташкил этилган эди. Натижада, Ўзбекистон ҳудудида геология қи­дирув ишларига хизмат кўрсатувчи замонавий корпоратив бош­қарув тизимига эга ягона бир катта ташкилот пайдо бўлди. Бу трансформация жараёни нафақат бошқа­рувда, балки геология-қидирув ишлари самарадорлиги ва натижадорлигини оширишга катта хизмат қилди. Ўтган даврда корхона соҳага замонавий ва юқори самарали ускуналарни, илғор техника ва инновацион техноло­гияларни жорий этиш ҳамда соҳани модернизация қилиш ҳисобига геология қидирув ишларини уч баробарга оширди.Бугунги кунда жамиятда 4,5 мингдан зиёд малакали мутахассислар фаолият олиб боради. Жамият таркибида 4 та марказий геология қидирув экспедициялари ва Регионал марказий геология тасвирлаш экспедицияси, Марказий геология геофизика экспедицияси, шунингдек, 5 та аналитик лабораториялар, 13 та дала экспедицияси мавжуд бўлиб, улар республикамиз бўйлаб геология­қидирув ишларини жадал амалга оширмоқда.Мамлакатимиз иқтисодиётининг таянчи, саноатнинг қон томири бўлган геология соҳасида янги давр бошланди. Соҳага энг илғор технологиялар олиб келинди. Натижада ер ости бойликлари захираси ва прогнозлари каррасига ўсди. Соҳага 3D сейсморазведка, аерогео­физика, рақамли геология жорий этилди.Геология-қидирув ишлари – бу кўзга кўринмас, ­аммо машаққатли меҳнат ҳисобланади. Геологларнинг ҳар бир топилмаси – янги завод, янги иш ўрнидир. Барчамизга маълумки, Ўзбекистон табиий ресурсларга бой мамлакат ҳисобланади. Айниқса, саноат учун муҳим бўлган вольфрам, молибден, магний, литий, германий, графит ва титан каби 30 дан ортиқ технологик минераллар мавжуд. Бу каби фойдали қазилмаларни излаб топиш натижасида кончилик, металлургия, энергетика, кимё ва қурилиш саноатининг барқарор ишлаши учун пойдевор бўлади. Афсуски, илгари бу салоҳият тўлиқ рўёбга чи­қарилмаган, фойдали қазилмаларни излаш, техноген чиқиндиларни қайта ишлаш ва маҳсулотга айлантириш борасида етарлича инвестиция жалб этилмаган эди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан гео­логия соҳасини янги босқичга олиб чиқилиши натижасида бугун янги конлар очилиб, саноат тармоқлари кенгаймоқда.«Ўзбек геология қидирув» АЖ ўтган 4 йил мобайнида 13 000 км2 майдондан зиёд ҳудудда батафсил геология қидирув ишларини олиб борди. Геология-қидирув ишлари натижасида 20 га яқин конларнинг заҳиралари ҳисоблаб чи­қилди ва давлат заҳиралари комиссиясида тасдиқ­ланди. Хусусан, Авлиё, Кўрмитин, Ақба, Ҳаётбоши, Зимбилтау, Водий (олтин), Мискон (мис), Ўрикли, Нилю (­кўмир), Сарикўл, Хўжадиқ (вольфрам), Хондиза, Майдонсой, Лашкерек (полиметалл), Кўрғонтош, Тюбегатан (калий), Шўроп (гипс), Вандон (қум-шағал) каби конлар шулар жумласидандир.Бу каби фойдали қазилмалар яшил энергетика, электромобил ва юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга хизмат қилади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, геология соҳаси иқтисо­диётнинг асосий таянчи, инвестиция ва экспорт манбаи, энергетика ва саноат ривожланишининг калити, шунингдек, ҳудудий инфратузилма ва бандликни таъминловчи омил ҳисоб­ланади.Таъкидлаш жоизки, қонунчилик ва ташкилий асослар мустаҳкамланиб, юқори қў­шилган қийматга эга маҳсу­лотлар ишлаб чи­қаришга қаратилган йирик лойиҳалар бўйича ишлар кўпаймоқда. Энг муҳим вазифалардан бири – замонавий технологиялар асосида қимматбаҳо хом-ашёни рудадан ажратиб олиш, уни тозалаш ва юқо­ри сифатли маҳсулотга айлантиришдир. Бу борада «Ўз­бек геология қиди­рув» АЖ муҳим роль ўйнамоқда. Жамият фойдали қазилма­ларни аниқлаш, уларни саноатга йўналтириш бўйича салмоқли лойиҳа­ларни амалга ошир­моқда. Геологик изланишлар ўрта ва узоқ муддатли дастурлар асосида олиб борилади ҳамда улар ҳар йили янгиланиб борилади. Бугунги кунда энг фаол гео­логия қи­дирув ишлари Навоий, Самарқанд, Тошкент ва бош­қа вилоятларнинг тоғ ва тоғ олди ҳудуд­ларида кенг кўламда олиб борил­моқда. Фойдали қазилмалар ресурсларини ва захираларини ошириш акциядорлик жамияти олдида турган асосий фазифалардандир.Ислоҳотлар туфайли соҳага илғор ускуналар, инновацион технологиялар жорий этилди. Бу эса ўз навбатида иш сифати ва суръатини сезиларли даражада оширди. Бугунги кунда «Ўзбек геология қидирув» АЖ чу­қурлиги 2 км гача бўлган фойдали қа­зилмалар учун мўлжалланган кўп йўналишли бур­ғилаш ускуналарининг энг йирик парки ҳисобланади. Соҳани ривожлантириш бўйича Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги қўллаб қувватлови ва амалга оширилган му­ҳим чора-тадбирлар натижасида «Ўзбек гелогия қиди­рув» АЖ 50 донадан ортиқ жаҳон стандартларига мос замонавий гидравликлаштирилган DBC Makina компаниясининг ESD-9, S-15,21 ва SONMAK компаниясининг RX-4 маркали бурғилаш ускуналари харид қилиниб, иш жараёнига татбиқ қилинди ва бунинг натижасида бур­ғилаш парки 56 фоизга янгиланиб, бур­ғилаш ускуналари 151 тага, ёрдамчи махсус техникалар 400 дан ошди.Ҳозирги давр геология соҳасининг янги босқичи бўлиб, илгари ўрганилмаган майдонлар бугун тўлиқ қам­раб олинмоқда. Йил сайин фойдали қазилмалар рўйхати кенгай­моқда, замонавий услублар, жумладан, аэро-­геофизика усули қўлланилмоқда. Бу усул ҳа­водан туриб ер қатламининг геофизик хусусиятларини тез ва аниқ ўрганиш имконини беради. Илгари конларни аниқ­лаш учун ўн йиллар керак бўлган бўлса, ҳо­зир бу иш бир неча йил ичида амалга оширилмоқда.2025 йилда «Ўзбек геология қидирув» АЖ томонидан 100 дан ортиқ лойиҳа доирасида геология қидирув ишлари режалаштирилган. Ҳозир минерал-хом ашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш давлат дастури доирасида олтин, кумуш, мис, қўрғошин, рух, вольфрам каби рудали фойдали қазил­малар ҳамда қурилиш материаллари ва кимё саноатида қўлланадиган ресурслар бўйича ҳам ишлар бажа­рилмоқда.Акциядорлик жамияти геологик бурғилаш қудуқла­рида қўлланиладиган ювувчи суюқликларни тайёрлашда замонавий кимёвий реагентлардан фойдаланмоқда. Бу эса ўз навбатида бурғилаш қувурларини, насос механизмларини, олмосли асбобларни узоқ муддат хизмат қилишига ва керн намуналарини сифатли олишга хизмат қилмоқда. Замонавий кимёвий реагентлар иш унумдорлигини ошириш билан бир қаторда атроф-муҳитга зарарли таъсир даражасини камайтиради.«Ўзбек геология қидирув» АЖ томонидан амалга оширилаётган модернизация жараёнлари доирасида рақамли технологиялар асосида иш жараёнларини оптималлаштириш, маълумотлар базасини марказлаштириш ва халқаро стандартларга мувофиқ геологик ахборотларни тайёрлашга йўналтирилган ишлар кенг кўламда олиб борилмоқда. 2023 йилдан бошлаб, геологик, геофизик ва геокимёвий маълумотларни ягона электрон кўринишга ўтказиш, уларни марказлашган базада сақ­лаш ва тезкор фойдаланиш имкониятини яратиш мақсадида Geobank ва Geobank Mobile тизими жорий этилди. Geobank да сақланаётган маълумотлар JORC ва CRIRSCO халқаро кодекслари талабларига жавоб беради. Бу эса халқаро инвесторлар учун ҳисоботлар тайёрлаш, геологик изланишларда сифат кафолатини ошириш ҳамда қидирув ва қазиб олиш жараёнларини халқаро амалиётга мувофиқ ташкил этиш имкониятини беради.Бугун акциядорлик жамияти томонидан замонавий бурғилаш ускуналари орқали олаётган керн намуналари 100 фоизга етиб, таҳлиллар аниқлигини оширмоқда. Шунингдек, жамият таркибидаги лабораторияларда на­муналарни сифатли таҳлил қилиш ва унинг таркибидаги элементларни аниқ кўрсатиб бериш учун 150 дан зиёд замонавий жиҳозлар асосида таҳлиллар амалга оширилмоқда. Қолаверса, кимёвий элементлар сони ҳам ошиб, 70 га яқин элементга таҳлил жараёнлари ўт­казилмоқда. Бу эса ер қаъридаги ноёб элементлар ва камёб металлар бўйича аниқ, сифатли маълумотлар олишга хизмат қилади.Замонавий геология-қидирув ишларини рақамли технологияларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ишлаб чи­қариш жараёнларининг ҳар бир босқичига рақамлаш­тириш ва автоматлаштириш жараёнлари жорий этил­моқда. Жамият ҳам ушбу йўналишда илғор тажрибаларни ўз фаолиятига татбиқ этмоқда. Аввало, рақамли технологиялар иш жараёнларини реал вақт режимида назорат қилиш имконини бермоқда. Яъни экспедиция­ларда олиб борилаётган бурғилаш ишлари, ишчи кучидан фойдаланиш, техник ресурслар сарфи, ҳатто йўқо­тишлар ёки ортиқча харажатлар онлайн тарзда кўрил­моқда. Бу жараёнлар фото ва видео лавҳалар билан ҳужжатлаштирилиб, тезкор қарор қабул қилиш имконини яратмоқда.     Шамсиддин АЛИМОВ, «Ўзбек геология қидирув» АЖ Бошқарув раиси

286

Геология: рақамлаштириш ва ривожланиш истиқболлари
Геология соҳаси мамлакат иқтисодиётининг узвий таркибий қисми сифатида нафақат ер қаъри бойликларини излаш, балки уларни саноатга тайёр ҳолда етказиб беришда ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бугунги кунда геология-қидирув ишлари – Ўзбекистоннинг барқарор иқтисодий ривожланиши, энергетик ва саноат хавфсизлиги ҳамда янги ишлаб чиқариш тармоқларини йўлга қўйиш учун мустаҳкам пойдевор ҳисобланади.     Ер қаъридаги фойдали қазил­малар – олтин, кумуш, мис, қўрғошин, рух, вольфрам, литий, хром, никель, кобальт, камёб ер элементлари ва бош­қаларнинг захираларини аниқ­лаш, баҳолаш ва саноатда қазиб олишга тайёрлаш геология соҳаси­нинг асосий вазифасидир.Шу жиҳатдан, 2021 йилда ташкил этилган «Ўзбек геология қидирув» АЖ мамлакатимиздаги энг йирик геология-қидирув компанияси сифатида қатор йўналишларда фаолият олиб бормоқда.Мамлакатимизда геология-қиди­рув ишлари тўрт босқичда – регионал тадқиқот, излаш, баҳолаш ва қи­дирув босқичларида амалга оширилади. Бу босқичлар бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, ҳар бир қа­дам ер қаърининг геологик тузилишини чуқур ўрганиш ва истиқбол­ли конларни аниқлашда муҳим аҳа­миятга эга.Ҳозирги кунда республика ҳуду­дининг катта қисмида, айниқса, палеозой даври ётқизиқлари жойлаш­ган ҳудудларда кенг кўламли қа­зилма конлари изланмоқда. Айни вақтда олтин ва мис йўналишидаги тадқи­қотлар давлат бюджети ҳамда йирик саноат корхоналари – «Навоий КМК» ва «Олмалиқ КМК» билан ҳамкор­ликда амалга оширилмоқда.   Инновациялар ва рақамлаштириш   Сўнгги йилларда соҳада рақамли технологияларни жорий этиш жараёнлари жадал суръатларда амалга оширилмоқда. Хусусан, геология-қидирув ишлари билан боғлиқ бирламчи геологик маълумотлар Geobank ва Geobank Mobile дастурлари орқали тўпланади ва марказлашган электрон маълумотлар базаси асосида бошқарилади.Бундай ёндашув маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш, уларга тезкор кириш имкониятини яратиш, шунингдек, халқаро стандартлар – JORC ва CRIRSCO кодекслари талаб­ларига жавоб берадиган ҳисобот­ларни тайёрлаш имконини берди.Қидирув ишларида аэрогеофизик технологиялар, космогеологик тас­вирлаш, 3D моделлаштириш ва геостатистик таҳлиллар қўлланилиши натижасида катта ҳудудларни қисқа вақт ичида самарали ўрганиш мумкин бўлмоқда.Янги қидирув стратегиясининг энг муҳим жиҳати – ахборотни ра­қамлаштириш ва электрон хариталар базасини яратишдир. Бунинг учун 1 : 200 000, 1 : 100 000 ва 1 : 50 000 миқ­ёсли янги хариталар тайёрланмоқда. «Ягона рақамлаштирилган картографик маълумотлар банки» ташкил этилган.Бу жараён геологик маълумотларни сақлаш, янгилаш ва таҳлил қилиш имкониятларини кескин ошириб, конларни башорат қилишда самарадорликни бир неча баробарга кўпайтирмоқда. Йирик миқёсдаги геологик тадқиқотлар нафақат маъ­лум конларни чуқур ўрганиш, балки ҳудуднинг геологик тузилишини ўрганишга ҳам ёрдам беради. Бу эса фойдали қазилмаларнинг ҳосил бўлиш қонуниятларини англаш, истиқ­болли майдонларни комплекс баҳо­лаш, янги маъданли зоналар ва томирларни кашф қилиш, кон ресурсларини башорат қилиш имконини яратади.Яқин йиллар ичида Ўзбекистон геологияси нафақат янги кашфиёт­ларга, балки глобал стандартларга мос инновацион қидирув технологияларига суянган ҳолда ривожланиши кутилмоқда. Бу эса мамлакатнинг минерал-хомашё базасини кенгайтириш, стратегик ресурслар захирасини мустаҳкамлаш ва иқтисодий тараққиёт учун мустаҳкам пойдевор яратишда ҳал қилувчи аҳа­миятга эга бўлади.   Истиқболли ҳудудлар   Ўзбекистон – табиий бойликларга бой юрт. Асрлар давомида бу заминдан олтин, мис, газ ва бошқа қа­тор фойдали қазилмалар кашф этил­ган, мамлакат саноати ва иқтисо­диёти учун асосий ресурсга айланган. Бугун эса геология соҳаси янги босқичга қадам қўймоқда. «Ўзбек геология қидирув» АЖ олдида янги вазифалар, янги технологиялар ва катта истиқболли ҳудудлар турибди.Сўнгги йилларда ер юзасига чи­қиб турган кўплаб қазилма конлари аллақачон ўрганилган ва ишлаб чи­қаришга жалб қилинган. Шу боис эндиликда геологик қидирув ишларининг асосий эътибори ер остидаги ёпиқ қисмлар ва чуқур горизонт­ларни ўрганишга қаратилмоқда. Интеграциялашган тадқиқотлар – геофизик, геокимёвий, космогеологик усуллар кенг қўлланилмоқда. Стратегик аҳамиятга эга ресурслар – олтин, рангли ва ноёб металлар ва норуда қазил­малар устувор аҳамият касб этмоқда.Бу йўналишлар нафақат иқтисодий, балки стратегик мустақиллик нуқтаи назаридан ҳам муҳим.Ўзбекистоннинг бир қанча ҳудуд­лари бўлажак кашфиётлар учун катта салоҳиятга эга. Масалан, Қорақал­поғистон ва Устюрт платоси – углеводородлар учун, Қизилқум региони – олтин ва уран конлари бўйича истиқболли, Фарғона водийси – нефть ва газ ресурслари билан му­ҳим аҳамиятга эга, Тошкент ва Жиззах вилояти тоғ ҳудудлари – олтин, рангли ва нодир металлар изланиш­лари учун, Сурхондарё ва Қашқа­дарё вилояти чўл ҳудудлари – углеводород ва ер ости сувлари нуқтаи назаридан муҳимдир.   Муаммо ва вазифалар   Соҳада ечимини кутаётган қатор масалалар ҳам мавжуд. Масалан, ер қаърининг ёпиқ участкалари ва чу­қур горизонтлари етарлича ўрганилмаган, шунинг учун қўшимча изланишларга эҳтиёж катта. Замонавий илғор технологияларни қидирув ишларига кенг жалб этиш талаб этил­моқда.Геология-қидирув соҳаси бугунги кунда Ўзбекистон иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга бўлиб, у нафақат ресурслар базасини кенгайтиради, балки мамлакатнинг умумий инвестиция иқлимини шакллантиришда ҳам ҳал қилувчи омил ҳи­собланади. Маълумотларнинг очиқ­лиги, халқаро стандартлар асосида иш юритиш ва илмий-техник имкониятларни ривожлантириш соҳанинг жозибадорлигини янада оширади. Шунингдек, кадрлар ва технологиялар масаласини комплекс ҳал қилиш орқали Ўзбекистон яқин йилларда нафақат минтақада, балки жаҳон миқ­ёсида ҳам геология соҳасида етак­чи давлатлардан бирига айланиши мумкин.   Намуналар ҳаракати   «Ўзбек геология қидирув» АЖда намуналар ҳаракатини назорат қи­лиш бўйича мустақил дастур ҳам жорий этилган. Ушбу ахборот тизими лаборатория таҳлилига юборилган геологик намуналарни рўйхатга олиш, уларнинг ҳаракатини кузатиш, жорий жойлашувини аниқлаш, майдалаш цехлари ва лабораториялар кесимида автоматик ҳисоботлар шакллантириш ҳамда натижаларни электрон шаклда тақдим этиш имкониятини беради. Бу ечим ишлаб чиқариш жараёнининг шаффофлигини оширади, намуналар йўқолиши ёки кечикишини бартараф этади ва жараён устидан тўлиқ мониторинг ўрнатади.Базадаги барча геологик маълумотлар кодлаштирилган бўлиб, улар Datamine, Micromine ва Leapfrog каби замонавий геологик дастурларга бевосита юборилади. Натижада блок-моделлаштириш, 3D геологик моделлаштириш, геостатистик таҳ­лил ва минераллашган зоналарни аниқлаш каби жараёнлар тез ва аниқ амалга оширилади.Рақамли геология бошқарма­си мутахассислари томонидан GEOBANK тизимидан олинган маълумотлар геологик ахборот тизимлари ёрдамида маъдан таналарининг морфологик тузилиши ва ер қаъри­даги жойлашуви 3D визуал кўринишда қайта ишланади.Геологик ахборот тизимлари ёрдамида маъдан таналарининг блокли моделлари тузилиб, уларнинг захиралари Ўзбекистон Республикаси Фойдали қазилмалар захиралари бў­йича давлат комиссиясининг та­лаблари ва қидирув натижалари, минерал ресурслар ва маъдан захиралари ҳақидаги халқаро ҳисобот JORC кодексининг стандартларига му­вофиқ ишлаб чиқилади.Захиралар JORC кодекси асосида ҳисобланади, ҳамда дастлабки тех­ник-иқтисодий асослаш (PFS) ҳисо­боти ишлаб чиқилади.     Элмурод ЭРГАШЕВ, Бошқарув раиси ўринбосари, бош геолог

352

Модернизация ва янги технологиялар – геология соҳаси тараққиётининг асосий омили
Модернизациянинг тарихий аҳамияти   Геология ва тоғ-кон соҳаси Ўзбекистон иқтисодиётида муҳим стратегик ўрин эгаллайди. Ўтган асрнинг ўрталарида мутахассислар асосан механик ва кўп қувват талаб қила­диган ускуналардан фойдаланган, уларнинг иш унумдорлиги чекланган, хавфсизлик даражаси эса паст бўл­ган. Натижада иш жараёни кўп вақт талаб қилади, хавфсизлик талаблари етарли даражада таъминланмас эди. Айниқса, бурғилаш жараёнларида кўпинча техник носозликлар сабабли қудуқларда авариялар юз берган, геологик намуна олишда йўқотишлар катта бўлган.Ўтган йиллар тажрибаси шуни кўрсатдики, иқтисодий тараққиёт­нинг асосий гарови – бу ишлаб чи­қариш жараёнларини узлуксиз янгилаб бориш, замонавий технология­ларни тадбиқ қилиш ва иш унумдорлигини оширишдан иборат. Шу нуқ­таи назардан сўнгги йилларда геология соҳасида амалга оширилаётган модернизация жараёнлари тарихий аҳамиятга эга бўлиб, мамлакат минерал-хом ашё базасини мустаҳкам­лашда асосий омилга ай­ланмоқда.Бугунги кунда «Ўзбек геология қидирув» АЖ томонидан қўлга кири­тилаётган замонавий бурғилаш ускуналари, рақамли технологиялар ва автоматлаштирилган тизимлар илгари тасаввур қилиш қийин бўлган имкониятларни яратмоқда. Масалан, 2020 йилда бир ускуна ойига ўртача 450 метр чуқурликкача бурғилаш ишларини бажарган бўлса, ҳозирги пайтда замонавий ускуналар орқали бу кўрсаткич 2000 метрга етди. Бу фақат рақам эмас – балки геология соҳасидаги сифат ўзгаришларининг ёрқин ифодасидир.Модернизация жараёнлари фа­қат техник жиҳатдан эмас, балки иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан ҳам тарихий аҳамиятга эга. Чунки улар орқали нафақат корхонанинг рақо­батбардошлиги таъминланади, балки мамлакатнинг иқтисодий ўсишига ҳам ҳисса қўшилади. Энг муҳими, геология соҳасидаги ҳар бир қадам келажак авлод учун стратегик захиралар яратиш, улардан оқилона фойдаланиш ва табиий бойликларни ас­раб-авайлаш билан узвий боғ­лиқдир.   Янги ускуналар – янги имкониятлар   2021–2025 йиллар мобайнида жамият экспедицияларига Туркияда ишлаб чиқарилган замонавий, юқо­ри самарали бурғилаш ускуналари олиб кирилди. Масалан, 2021–2022 йилларда DBC Makina Sanayi ve Ticaret A.Ş. компаниясининг гидравликлаштирилган, жаҳон стандартларига тўла жавоб берадиган ESD-9 ҳамда S-15, S-21 турдаги дизель ва электр қувватли ускуналари жорий этилди. Кейинчалик SONMAK RX-4 ва DBC S-21 ускуналари ҳамда элект­ровоз ва вагонлар ҳам сотиб олинди.Бу орқали бурғилаш ишларининг қуввати ва самарадорлиги кескин ошди. Масалан:Ер усти колонкали бурғилаш ишлари 2020 йилга нисбатан 35%га ўсиб, ҳар бир ускуна ойига 1300 метр кўрсаткичга эришди (2020 йил 450 пог.метрни ташкил қилган).Ер ости колонкали бурғилаш ишлари 30 фоизга ўсиб, ҳар бир ускуна ойига 500 метр (2020 йил 150 пог.метрни ташкил қилган)иш бажариш имкониятига эга бўлди.Замонавий реагентлар қўллани­ши орқали қийин қирқимли майдонларда ҳам намуна олиш самарадорлиги 100 фоизга етди.Бу ўзгаришлар нафақат иш сифатини оширди, балки хавфсизлик, иш жараёнларининг барқарорлиги ва вақт­нинг тежалишига ҳам хизмат қилди.   2025 йил режалари ва кўрсаткичлари   Жорий йилда жамият тизимида жами 693,7 минг пог.метр бурғилаш ишлари режалаштирилган.Бундан ташқари, жамият тизимида ер ости тоғ-кон ишлари 6930 метр, ер усти тоғ-кон ишлари эса 303,1 минг куб метр миқдорда бажарилиши кўзда тутилган.Мазкур кўрсаткичлар бюджет маблағлари, «Олмалиқ КМК» ва «Навоий КМК» ҳамда шартнома асосида жалб этилган маблағлар ҳисобидан амалга оширилмоқда.   Иқтисодий самара ва рақобатбардошлик   Ҳар қандай модернизация жараёнининг асосий мақсади – ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, харажатларни қисқартириш ва маҳ­сулот ёки хизматларнинг рақобатбар­дошлигини таъминлашдан иборат. Геология соҳаси ҳам бундан мустасно эмас. «Ўзбек геология қидирув» АЖ томонидан сўнгги йилларда амалга оширилган янгиланишлар на­тижасида иқтисодий самарадорлик кескин ошди.Аввало, замонавий бурғилаш ус­куналарининг жорий қилиниши қи­дирув ишларида харажатларни оптималлаштириш имконини берди. Бу эса нафақат иш унумдорлигини ошир­ди, балки хизматлар таннархини ҳам сезиларли даражада камайтириш имконини яратди.Иқтисодий самарадорликнинг яна бир муҳим жиҳати – вақт тежалиши. Илгариги ускуналарда режадан ташқари тўхташлар, эҳтиёт қисм­ларни кутиш ёки қудуқларда юзага келган аварияларни бартараф этиш кўп вақтни оладиган бўлса, ҳозирги замонавий станокларда бу каби ҳо­латлар кескин қисқарди. Натижада соф бурғилаш вақти 30 фоиздан 48,5 фоизгача ошди. Бу кўрсаткич халқа­ро стандартларга жавоб берадиган даражада юқори ҳисобланади.Шу билан бирга геология-қиди­рув ишларида самарадорликнинг ошиши компаниянинг халқаро майдондаги нуфузига ҳам ижобий таъсир кўрсатди. Бугунги кунда «Ўзбек геология қидирув» АЖ нафақат рес­публика ҳудудида, балки хорижий давлатларда ҳам халқаро тендерларда иштирок этиб, рақобатбардош хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлмоқда. Бу эса миллий геология соҳасини ташқи бозорга олиб чиқиш ва мамлакат иқтисодиётини юксалтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.Қўшимча равишда айтиш мумкинки, модернизация жараёнлари орқали ишлаб чиқаришда энергия ва ресурслар тежалиши таъминлан­моқда. Масалан, ёқилғи-мой маҳсу­лотларидан оқилона фойдаланиш, технологик материалларни тежаш, геологик намуна олишда 100 фоиз натижага эришиш – барчаси иқтисодий самарадорликнинг асосий кўрсаткичларидир.Шундай қилиб, замонавий технологиялардан фойдаланиш фақат техник жиҳатдан эмас, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам улкан натижалар бер­моқда. Энг муҳими, бу жараёнлар орқали «Ўзбек геология қидирув» АЖ миллий ва халқаро миқёсда ра­қобатбардош компанияга айланиб бормоқда.   Рақамлаштириш – самарадорлик гарови   Замонавий геология-қидирув ишларини рақамли технологияларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бугунги кунда ишлаб чиқариш жараёнларининг ҳар бир босқичига рақамлаш­тириш ва автоматлаштириш жараёнлари жорий этилмоқда. «Ўзбек геология қидирув» АЖ ҳам ушбу йўналишда илғор тажрибаларни ўз фаолиятига татбиқ этмоқда.Аввало, рақамли технологиялар иш жараёнларини реал вақт режимида назорат қилиш имконини бер­моқда. Яъни экспедицияларда олиб борилаётган бурғилаш ишлари, ишчи кучидан фойдаланиш, техник ресурслар сарфи, ҳатто йўқотишлар ёки ортиқча харажатлар онлайн тарз­да кўрилмоқда. Бу жараёнлар фото ва видео лавҳалар билан ҳуж­жат­лаштирилиб, тезкор қарор қабул қилиш имконини яратмоқда.Иккинчидан, рақамлаштириш ор­қали технологик материаллар ва ёқилғи-мой маҳсулотларидан самарали фойдаланиш таъминланмоқда. Масалан, аввал иш жараёнларида йўқотишлар ёки самарасиз сарфлар кўп кузатилган бўлса, ҳозирги ра­қамли мониторинг тизимлари орқа­ли улар минимал даражага келти­рилди.Учинчидан, рақамли технология­лар ходимларнинг ишини автоматлаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Дала шароитида ҳисобот тайёрлаш, маълумот тўплаш, геологик намуна ва қудуқ маълумотларини тизимга киритиш каби жараёнлар дастурий комплекслар ёрдамида ав­томатлаштирилди. Бу эса инсон омили таъсирини камайтиради ва иш жараёнларини аниқ, тезкор ҳамда ишончли қилиб беради.Шунингдек, рақамлаштириш жараёни хавфсизликни таъминлашда ҳам катта аҳамиятга эга. Замонавий датчиклар ва сенсорлар ёрдамида ускуналарнинг иш ҳолати, ер қаъри­даги босим ва ҳарорат кўрсаткич­лари, хавфли ҳолатлар ҳақида олдиндан огоҳлантириш имкони яратилди. Натижада авариялар ва иш жараёнида тўхташ ҳолатлари сезиларли даражада камайди.Бундан ташқари рақамли технологиялар халқаро майдонда ҳам ра­қобатбардошликни таъминлайди. Чунки бугунги кунда тендер ва йирик халқаро шартномаларда иш жараёнларини рақамли кузатиш, ҳисобот­ларни электрон форматда тақдим этиш, аниқ ва онлайн маълумотлар тақдим қила олиш – энг муҳим талаб­лардан бирига айланди.Шу тариқа «Ўзбек геология қи­дирув» АЖ нафақат техник модернизация, балки рақамлаштириш жараёнлари орқали ҳам ўз фаолиятини янги босқичга олиб чиқмоқда. Бу эса соҳанинг самарадорлигини ошириш билан бир қаторда, инсон меҳнатини енгиллаштириш, хавфсизликни таъминлаш ва геология-қидирув ишларини халқаро стандартларга мос равишда амалга ошириш имконини бермоқда.   «Ўзбекистон–2030» стратегиясидаги вазифалар ижроси   Ўзбекистон Республикаси Президен­тининг 2023 йил 11 сентябрдаги ПФ-158-сонли фармони билан тасдиқланган «Ўзбекистон–2030» стратегиясида белгиланган топши­риқлар доирасида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, жамият «Навоийуран» ДК билан тузилган шартнома асосида «Жанубий Суграли» майдонида геотехнологик қудуқларни бурғилаш ва ўзлаштириш ишларини бошлади.Шу мақсадда Хитойнинг SPT-900SE маркали айланувчи роторга эга замонавий бурғилаш ускуналари сотиб олинди ва амалиётга жорий қилинди.   Кадрлар салоҳияти ва янги иш ўринлари   Ҳар қандай модернизация, техника ва технологияларни янгилаш жараёнлари инсон омилисиз самара бермайди. Замонавий ускуналардан тўлиқ фойдаланиш, рақамли технологияларни тўғри йўлга қўйиш ва геология-қидирув ишларининг сифатини ошириш, аввало, юқори малакали кадрлар салоҳиятига боғлиқ.     Сергей ДЕРЯГИН, Бошқарув раиси ўринбосари, бош муҳандис

268

Иқтисодий фаолиятнинг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари
Ўзбекистон иқтисодиётида табиий бойликлар улкан аҳамиятга эга. Минерал-хомашё базаси маҳаллий ва хорижий инвестицияларни жалб этиш, экспорт салоҳия­тини ошириш, янги иш ўринларини яратиш каби кўплаб омиллар билан чамбарчас боғлиқ. Шу жиҳатдан «Ўзбек геология қидирув» акциядорлик жамияти стратегик аҳамиятга эга корхоналардан бири сифатида ажралиб туради. Корхонанинг асосий вазифаси – республика ҳудудида гео­логия-қидирув ишларини амалга ошириш ва фойдали қазилма захираларини аниқлашдан иборат. Сўнгги йилларда Жамиятнинг иқтисодий кўрсаткичлари ижобий динамикани намоён этмоқда. Бу энг аввало қуйидаги асосий йўналишларнинг ривожланиши билан боғлиқ: ● Давлат буюртмалари. Улар асосан Ўзбекистон ҳудудидаги стратегик геология-қидирув лойиҳала­рига йўналтирилган.● Хусусий сектор буюртмалари. Хусусий компаниялар учун хомашё ва ресурсларни излаш бўйича хизматлар кўрсатилмоқда.● Халқаро лойиҳалар. Хорижий геология компаниялари билан ҳам­корликда амалга оширилаётган қўш­ма лойиҳалар. Молиявий имкониятлардан келиб чиққан ҳолда Компания янги ускуналар, геофизик қурилмалар ва ахборот технологияларини жорий этмоқда. Шу билан бирга, геологик маълумотларнинг электрон базаси яратилди ва рақамлаштириш жараёни бошланди.   «Ўзбек геология қидирув» АЖнинг истиқболлари   Жамиятнинг келгусидаги ривожланиш йўналишлари анча кенг бўлиб, қуйидагилар устувор аҳамият касб этади: ● Рақамлаштириш. Геологик маъ­лумотларни рақамли форматга ўтказиш ва онлайн платформалар орқали маълумотлар алмашинувини йўлга қўйиш.● Халқаро ҳамкорлик. Хорижий геология компаниялари билан қўш­ма лойиҳаларни амалга ошириш.● Таълим ва кадрлар сиёсати. Олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда янги мутахассислар тайёрлаш.● Металл тадқиқотлари. Олтин, мис, уран ва бошқа стратегик металларни аниқлашга қаратилган лойиҳа­ларни ривожлантириш. «Ўзбек геология қидирув» АЖ мам­лакатнинг минерал-хомашё са­лоҳиятини аниқлаш ва ривожлантиришда муҳим ўрин тутади. Жамиятнинг иқтисодий фаолияти нафақат ички эҳтиёжларни қондириш, балки Ўзбекистонни халқаро геология хизматлари бозорига олиб чиқишда ҳам катта аҳамиятга эга. Мавжуд муаммоларни ҳал этиш ва янги технологияларни жорий этиш орқали Жамият ўз иқтисодий самарадорлигини оширишга эришмоқда. «Ўзбек геология қидирув» акциядорлик жамияти молиявий ҳисо­ботни халқаро молиявий ҳисобот стандартлари – IFRS (МСФО) тизимига ўтказиш бўйича ислоҳотларни амалга оширмоқда. Молиявий кўрсаткичлар халқаро талабларга мос бўлиб, ҳар йили халқаро аудиторлик ташкилотлари – KPMG, PwC, EY томонидан ўтказиладиган ташқи аудит натижалари бўйича ижобий хулосалар олинмоқда. 2024 йил декабр ойида S&P Global Ratings компанияси томонидан жамиятга «B-» даражасидаги кредит рейтинги берилди, бу эса унинг узоқ муддатли барқарор ривожланишини намоён этади. Жамиятда молиявий бошқарувда автоматлаштириш ва рақамлашти­риш жараёнлари муваффақиятли жорий этилди. Хусусан, бухгалтерия ҳисоби халқаро молиявий ҳисобот стандартларига мувофиқ «1С–Предприятие 8.3» дастурий маҳсулоти асосида амалга оширилмоқда. Бухгалтерия ва молия бўлими ходимлари ҳар йили IT ва молиявий таҳлил бўйича малака ошириш курсларида иштирок этишмоқда. Халқаро молиявий ҳисобот стандартларини амалиётга татбиқ этиш жараёнида IFRS, ACCA бўйича мутахассислар тайёрлаш, стажировкаларни йўлга қўйиш, халқаро геология ташкилотлари билан ҳамкорликда малака ошириш дастурлари амалга оширилмоқда.2025 йилги молиявий ҳисоботда жамият фаолиятига оид барқарор ривожланишни акс эттирувчи янги халқаро стандарт – IFRS S1 қўлла­нилади. 2026 йилда эса иқлим билан боғлиқ маълумотларни очиб берувчи IFRS S2 стандартини жорий этиш режалаштирилган. Бу стандартларни жорий этиш бўйича халқаро аудиторлик ташкилоти билан маслаҳат­лашув шартномаси имзоланган.   Руслан РАДЖАПОВ, Бошқарув раиси ўринбосари, молия, трансформация ва хусусийлаштиришбўйича директор

276

“Ўзбек геология қидирув” АЖ бошқарув раиси Шамсиддин Алимовнинг жамият ходимларига мурожаати
Сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида бугун барча соҳаларга катта эътибор қаратилмоқда. Амалга оширилаётган ислоҳотлар негизида инсон қадрини улуғлашга қаратилган эзгу мақсад мужассам. Барчангизга маълум давлатимиз раҳбари томонидан энг катта мақсад қилиб олинган Коррупцияга қарши курашиш, унинг таг-туби билан йўқ қилиш йўлида жуда катта ва самарали ишлар амалга оширилмоқда.  Хусусан барча тармоқ, соҳа ва инсон фаолият олиб бораётган қуйи жабҳаларда ҳам ишлар, хизматлар, фаолиятлар, етказиб бериш соҳалари меъёрий ҳужжатлар, тартиблар, регламентлар, мониторинглар, ҳисобдорликлар ва автоматлаштиришлар назоратга олинди. Бу эса бир қанча коррупциявий ҳолатларнинг олди олинишига, ҳал қилув жараёнларида инсон омилининг камайишига, кераксиз ва ноўрин харажатларнинг олдини олинишига эришилмоқда. Охирги йилларда юртимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича аниқ тизим яратилди, алоҳида қонунлар қабул қилинди. Парламент палаталарида масъул қўмиталар, Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш ва агентлик ташкил қилинди. Энг муҳими, жамиятда коррупция муаммосини жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқадиган очиқ тизим, очиқ муҳит яратилди, айниқса, оммавий ахборот воситаларининг бу борадаги ўрни ва таъсири ортиб бормоқда. Очиқлик бўйича халқаро рейтинглардаги мамлакатимизнинг ўрни 138 поғонага яхшиланиб, Марказий Осиёда биринчи, дунёда 30-ўринга кўтарилди. Инсон омилининг камайтириш эвазига: Ерни ҳоким қарори билан ажратишдан тўлиқ воз кечилиб, аукцион тизимига ўтилгани натижасида бу тизим халқчил бўлди, Қурилиш соҳаси “Шаффоф қурилиш” дастури жорий этилганидан кейин бу йўналишда ҳам ижобий ўзгаришлар сезилди, Давлат харидлари бўйича қонун қабул қилингани, танлов ва тендер рақамлашиб, соғлом рақобатни юзага келтирди, Кредит олишда маиший кредитларни инсон омилисиз 5 дақиқа ичида онлайн расмийлаштиришларга эришилди. “Ўзбек геология қидирув” акциядорлик жамияти ҳам геология-қидирув ишларидаги самарадорликни ва натижадорликни ошириш каби бир қатор вазифаларни мавжуд. Хусусан, ташкилотимизнинг барча тармоқларида тараққиётимизга ғов бўлувчи коррупция иллатига муросасиз кураш тизимини яратишимиз лозим. Бугунги кунда коррупцияга қарши курашиш борасида алоҳида қонунлар қабул қилиниб, ҳуқуқий асослар мустаҳкамланмоқда. Хусусан, 2017 йил Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни, 2021 йил Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлар тўғрисида”ги Қонун, 2024 “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонунлар ва бир қатор чора-тадбирлар қабул қилинди. Коррупцияга қарши курашиш йўналишда “Ўзбек геология қидирув” акциядорлик жамиятида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини ошириш, коррупцияга қарши курашишни кучайтириш мақсадида ташкил этилган Коррупцияга қарши ички назорат бўлими фаолият олиб бормоқда. Коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган давлат сиёсатининг ҳаракатлантирувчи кучи сифатида давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, фуқароларимиз томонидан ушбу иллатга қарши олиб борилаётган курашни ягона тизимли ҳаракатга айлантириш ишлари олиб борилмоқда, ушбу иллатга қарши муросасизлик ва тоқатсизлик муҳитини яъни жамоатчилик назоратини кучайтириш орқали содир этилиши мумкин бўлган коррупцион ҳолатларни олдини олиш барчамизга бирдек вазифа бўлиши лозим. Бунинг учун содиқлик, ҳалоллик, ватанпарварлик ва масъулиятни фаолиятнинг асосий тамойилига айлантирган ҳолда, Жамиятнинг ҳар бир ходими жамоамиз олдига қўйилган вазифаларни виждонан, холис ва юқори савияда амалга ошириши лозим. Шу нуқтаи назардан, коррупция билан боғлиқ бўлган таклифлар, аризалар ёки шикоятлари бўлган ҳар бир ходимни Жамиятнинг алоқа каналлари орқали хабар беришга чақирамиз. “Ўзбек геология қидирув” АЖ ходими деган юксак шарафли мақом эгаси сифатида коррупциявий жиноятларнинг оқибатлари билан эмас, уни келтириб чиқарувчи сабаб, шарт-шароитларига қарши курашиш, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш фаолияти самарадорлигини оширишда барча бирдек кўмаклашишга тайёр бўлиши лозим. Жамиятнинг барча бўлинмаларида фаолият олиб бораётган барча ходимлар ўзининг иш фаолиятини касбига меҳр, садоқат, ҳалоллик, ошкоралик каби тамойиллар асосида ташкил қилиши зарур. Бунда Жамият ва унинг ходимлари ўзларининг барча ресурсларини – куч-ғайратини, имкониятларини, касбий ҳамда интеллектуал салоҳиятини сафарбар этади, деб ишонаман! Юртимиз равнақи йўлида қилаётган меҳнатингизда барчангизга омад ва зафарлар ҳамроҳ бўлсин!   Бошқарув раиси Ш.Алимов      

666

Фойдали ҳаволалар