Жамиятимизда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳолининг, айниқса ёш авлоднинг жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиши учун замон талабларига мос шарт-шароитлар яратиш, спорт мусобақалари орқали ёшларда ўз иродаси, кучи ва имкониятларига бўлган ишончни мустаҳкамлаш, мардлик ва ватанпарварлик, она Ватанга садоқат туйғуларини камол топтириш, шунингдек, жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантиришга йўналтирилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Айни шу мақсадда, 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан Токент вилоятининг Ғазалкент туманида “Ўзбек геология қидирув” АЖ Касаба уюшмаси кубоги мусобақалари ташкил этилди. Мусобақада жамият таркибидаги ташкилотлар спортнинг футбол ва шахмат турлари бўйича беллашиб, ўз имкониятларини намоён этишди.
Қизиқарли ва муросасиз ўтган ўйинларда футбол бўйича 1-ўринни Тошкент Марказий геология қидирув экспедицияси, 2-ўринни Ҳисор Марказий геология қидирув экспедицияси, 3-ўринни Қизилқум Марказий геология қидирув экспедицияси жамоалари қўлга киритишди.
Шунингдек, шахмат мусобақасида ҳам ўзаро баҳсларда Ҳисор Марказий геология қидирув экспедицияси вакилининг имкониятлари юқори келиб 1-ўринни, Қизилқум Марказий геология қидирув экспедицияси вакили эса 2-ўринни ва “Ўзбек геология қидирув” АЖ Марказий бошқарув аппарати вакили 3-ўринни эгаллашди. Мусобақа якунида ғолибларга эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди. Бундан ташқари уйинларда фаол қатнашган иштирокчилар турли номинацияларга сазовор бўлишди.
Бу каби спорт мусобақалари жамият таркибида фаолият олиб бораётган ходимлар ўртасида жисмоний ва маънавий соғлом муҳитни яънада мустаҳкамлашга катта хизмат қилади. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, “Ўзбек геология қидирув” АЖ раҳбарияти томонидан бу каби спорт мусобақаларини доимий тарзда ташкил этиб бориш ҳамда ходимларнинг мунтазам спорт турлари билан шуғулланишлари учун барча имкониятлар яратиб берилган.
“Ўзбек геология қидирув”
акциядорлик жамияти
Ахборот хизмати