- Асосий
- Матбуот маркази
- Пресс-конференциялар
2023 йил якунлари, эришилган натижалар ҳамда 2024 йилда режалаштирилган лойиҳалар бўйича Матбуот анжумани бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 25 апрель куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Ўзбек геология қидирув” АЖда 2023 йил якунлари, эришилган натижалар ҳамда 2024 йилда режалаштирилган лойиҳалар бўйича Матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда оммавий ахборот воситалари вакиллари ва журналистлар иштирок этдилар.


Матбуот анжуманида “Ўзбек геология қидирув” АЖ асосий вазифалари хусусида маълумот берилди. Хусусан жамият ер қаърини геологик ўрганиш хусусан рангли қимматбаҳо металлар ва бошқа фойдали қазилма майдонларда геологик-қидирув ишларини ташкил этиш, рангли ва қимматбаҳо металларнинг истиқболли майдонларини топиш учун илмий-тематик ишлар, башоратли ресурслар ва мавжуд майдонларнинг майда, ўрта ва йирик масштабли геологик хариталарини яратиш асосида республика минерал-хом ашё базасини кенгайтиришдан иборат.

2023 йилда акциядорлик жамияти геология-қидирув ишларини олиб бориш фойдали қазилма конларни излаш, баҳолаш ва лаборатория таҳлил жараёнларини, топографик, геологик тасвирлаш ҳамда хариталаш ишларини амалга оширди. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида давлат бюджети ва махсус маблағлар ҳисобидан 48 та лойиҳа асосида 1430 км2 майдонда геологик-қидирув ишларини амалга ошириб, бу лойиҳалар асосида олтин, мис, қурғошин ва рух, вольфрам, ноёб металл ва камёб ер элементлар, норуда фойдали қазилмаларга геологик қидирув ишларини ҳамда лаборатория тадқиқот ишларини бажарди. Йил якунида 10 та лойиҳа тугатилиб, аниқланган захира ва башорат ресурслари Давлат захиралари комиссиясига топширилди.

Геологик қидирув ишларининг асосий қисмини бурғилаш жараёни ташкил қилиб ўтган йилда жами 640 974 п.м. бурғилаш ишлари олиб борилди. Жумладан шнекли бурғилаш 61 887 п.м., хаво зарбали бурғилаш 86 915 п.м., харитали бурғилаш 71 074 п.м., колонкали бурғилаш 421 071 п.м. ҳамда ер ости тоғ-кон ишлари 4 334 п.м., ва ер усти тоғ-кон ишлари 243 534 м3 га ни ташкил қилди. Ўтган давр мобайнида замонавий бурғилаш ускуналари орқали 1000 - 1 200 метр чуқурликгача бурғилаш ишлари бажарилишига эришилди. Бу эса албатта, фойдали қазилма ресурслари ва минерал хом ашё базасини кенгайтиришда катта аҳамиятга эга.

Амалга оширилган геологик қидирув ишлари республикамизнинг Навоий, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё, Жиззах ва Тошкент вилоятлари ҳудудига тўғри келади. Геологик қидирув ишлари натижасида нафақат давлат захираларини ривожлантириш балким Навоий ва Олмалиқ КМКларининг хомашё базаси оширилади.
Геологик қидирув ишлари натижасида олинган намуналарни акциядорлик жамияти таркибидаги лабораторияларда таҳлил қилиниб якуний хулоса олинади.
2023 йилда Марказий лаборатория намуналарни сифатли лаборатория тадқиқот ишларини ташкил қилиш бўйича қатор мувффақиятга эришди.
“Ўзбек геология қидирув” акциядорлик жамиятининг операцион самарадорликни ошириш, ўрта ва узоқ муддатли ривожланиш стратегиясига мувофиқ Марказий лаборатория Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатларида ўтказиладиган қиёсий синовларда фаол қатнашиб келмоқда. 2023 йилда Россия федерациясидаги «Минстандарт» МЧЖнинг ПК №РМО-2-2023 “Полиметалл рудалар” ва РО-1-2023 “Платинатаркибли рудалар” дастурлари бўйича иккита қиёсий синовларда иштирок этиб, иккала ҳолатларда ҳам лаборатория ўзининг юқори малакасини кўрсатди ва рейтингда фахрли ўринлардан жой эгаллади. Шунингдек, Марказий лабораторияда ишлаб чиқилган “Агилент 4200 МР-АЭС микротўлқин плазмалик атом-эмиссион спектрометридан фойдаланган ҳолда тоғ жинсларида ренийнинг массавий улушини аниқлаш” услуби МДҲ давлатлари ўртасида тан олинди ҳамда Н. Федоровский номидаги Бутунроссия минерал хомашё илмий-тадқиқот институтининг Аналитик усуллар бўйича илмий кенгаши томонидан услубни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларида қаттиқ фойдали қазилмалар бўйича геология қидирув ишлари бажарилганда қўллаш мумкин бўлган услублар қаторига киритилди. Бу 40 йил ичида Ўзбекистондан геология қидирув ишлари бажарилганда қўллаш мумкин бўлган услублар китобига киритилган биринчи метод ҳисобланади.

Шу билан бир қаторда 2024 йилнинг биричи чорагида Марказий лабораториянинг аналитик тадқиқотлар ва лабораториялараро таққослаш соҳасидаги катта тажрибасини инобатга олган ҳолда Техник қўмита ўз қарори билан “Ўзбек геология қидирув” АЖ Марказий лабораториясига табиий объектларни: сув ва қаттиқ жисмларни таҳлил қилиш соҳасида тадқиқотлар олиб борадиган лабораторияларнинг малакасини текшириш (ППК) провайдери сифатида ваколат берди.

Жамият ва унинг ҳудудий бўлинмаларида ишлаб чиқаришнинг бехатар шароитларини яратиш мақсадида, ёнғин хавфсизлиги, йўл ҳаракати хавфсизлиги, санитария ва экология нормалари, геологик-қидирув ва ёрдамчи ишларни олиб бориш хавфсизлик қоидаларнинг талабларига риоя этилиши таъминланди. Олиб борилаётган геологик-қидирув ишларнинг табиий муҳитга салбий таъсирини камайтириш ва табиатни муҳофаза қилиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари акциядорлик жамиятида фаолият олиб бораётган ходимларга қулай меҳнат шоритларини яратиш мақсадида экспедицияларда қуриш ва таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясини тежаш, муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни йўлга қўйиш мақсадида акциядорлик жамияти томонидан 500 кВт дан зиёд қуёш фото электр станциялари ўрнатилиб фойдаланишга топширилди.
Бугунги кунда акциядорлик жамиятида фаолият олиб бораётган 3400 га яқин ходим белгиланган дастурлар асосида мунтазам малака ошириб келмоқдалар. Хусусан ўтган йил давомида 800 дан ортиқ ходим Геология тармоғи ходимлари малакасини ошириш институтида, 40 та ходим Тоғ-кон, гeология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспeкциясида, 25 та ходим “CERT academy International training company”да ва бошқа бир қатор ўқув курсларида касб малакаларини оширишди. Яна шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, 211 нафар ходим олий таълим муассасаларида ва 60 нафар ходим техникумда таҳсил олди.

2023 йилда акциядорлик жамиятида ходимлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида “Спорт –саломатлик гарови”, “Касаба уюшмаси кубоги”, “Балли қизлар” кўрик-танлови мусобақалари ўтказилди шунингдек, 400 дан ортиқ ходимлар соғломлаштириш марказларига жўнатилди.
Шунингдек, Республика бўйлаб маҳаллий саёҳатларни ташкил қилиш мақсадида ходимлар иштирокида “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилинг” шиори остида ички туризм тадбирлари ташкил этилди. Бунда 700 га яқин ходим юртимизнинг тарихий шаҳарларига саёҳат қилишди.
Акциядорлик жамияти коррупцияга қарши бошқарув тизимини ишлаб чиқиш, жорий этиш, таҳлил қилиш ва такомиллаштириш мақсадида 2023 йил якунида коррупцияга қарши бошқарув тизимининг халқаро ИСО 37001:2016 сертификатини қўлга киритди. Халқаро стандарт асосида коррупция ҳолатларининг олдини олиш, аниқлаш ва бартараф қилиш учун зарур бўлган барча чораларни амалга оширмоқда.

Бошқарув раиси ўринбосари Ш.Сиражов 2024 йилда “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури асосида геология қидирув ишларини янада ривожлантириш ва хорижий давлатларда ҳам геология қидирув ишларини ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, хусусан, бурғилаш ишлари ва технологиялари бўйича хизмат кўрсатиш турларини кенгайтириш, геофизик тадқиқотларни ривожлантириш, моделлаштириш, ер ва ҳаво геофизикаси ишларини бажариш қувватларини модернизация қилиш ва кучайтириш, шунингдек ишлаб чиқариш жараёнларига илғор тажриба ва услубларни жорий этиш кўзда тутилиш ҳақида батафсил маълумот бериб ўтди.
Матбуот анжумани якунида журналистлар томонидан берилган саволларга масъуллар томонидан атрофлича жавоб берилди.
“Ўзбек геология қидирув”
Ахборот хизмати
